Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Нукус шаҳридаги Болалар тиббий реабилитация марказига пресс-тур ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Болалар тиббий реабилитация маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикасида 2022 — 2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида”ги қарорининг 1-бандига асосан ташкил этилди. 2023 йилнинг февраль ойидан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича сурункали касаллиги ва ногиронлиги бўлган болаларга тиббий реабилитация хизматини кўрсатиб келмоқда. Марказ 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳар бири 30 ўринли бўлган травматология, пульмонология, неврология ва кардиоревматология бўлимларидан иборат.
Марказнинг асосий вазифаларидан бири 18 ёшгача бўлган ногирон ва касал болаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, шу билан бирга саломатлигини тиклаш (реабилитация) орқали даволаш, ногиронликнинг олдини олиш, касалликларнинг профилактикаси ва тиббий реабилитация бўйича юқори технологияларга асосланган ихтисослаштирилган ёрдамга бўлган эҳтиёжни қондиришдан иборат.
Ўзига бириктирилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида марказда замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория, физиотерапия бўлимлари ташкил этилган. Тор соҳа мутахассисларидан отоларинголог, окулист, психотерапевт, стоматологлар билан таъминланган.
Марказда 20 нафар шифокор, 62 нафар ҳамшира, 55 нафар кичик бўғин, 4 нафар педагог, 20 нафар хўжалик мутахассиси хизмат кўрсатиб келмоқда. Шифокорлардан 5 нафари олий, 2 нафари биринчи ва 3 нафари иккинчи тоифа малакасига эга бўлиб, малака тоифаси даражаси бўйича 50 фоизни ташкил этади. Ўрта бўғин ходимлардан 19 нафари олий, 9 нафари биринчи ва 5 нафари иккинчи тоифали малакага эга.
Бирлашманинг лаборатория бўлими замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган бўлиб, шифохонанинг бўлимларида стационар шароитида даволанаётган беморлардан умумий клиник, гемотологик ва биокимёвий таҳлиллари олиниб, текширилади. 2025 йил давомида лаборатория бўлими томонидан жами 54 минг 92 та умумий клиник, гематологик ва биокимёвий таҳлил бепул текширилди.
Марказда ўтган йил давомида ногиронлиги ва сурункали касаллиги бор 3 минг 138 нафар бола даволаниб чиққан. Улардан 803 нафари ногиронлиги бор ва 2 минг 335 нафари сурункали касаллиги бор болани ташкил этган. Барча қулай шароитлар яратилган ва энг замонавий тиббий уcкуналар билан таъминланган ушбу марказда ногиронлиги қайд этилган болалар йилига 12-14 кундан икки марта бепул даволанади. Болалар 5 маҳал, уларнинг парваришловчилари эса 3 маҳал овқат билан таъминланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг махсус қарори асосида 2024 йилда 2 миллиард 275 миллион сўмга ТМС, ЭНМГ, рақамли рентген, УТТ ва ЭКГ, 2025 йилда “Меҳрли инсонлар” жамғармаси томонидан болалар дам олиш хонаси, даволаш-жисмоний тарбия хонаси, 2026 йилда сув процедураси хоналари керакли асбоб-ускуналар билан таъминланди.
Пресс-тур иштирокчилари марказда даволанувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Дарҳақиқат, “Марказимизга келган ҳар бир бемор тез орада ўз оёғи билан юриб, соғайиб кетиши керак” деган гапни шиор қилиб олган жамоа шу мақсад йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА
Манба: UzA.uz





Отправить комментарий
Отправить комментарий