Мамлакатимизда бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш, ишга жойлаш ва спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим яратиш кўзда тутилгани катта аҳамият касб этади. Ногиронлиги бўлган шахсларни ишлаш ва касб-ҳунарга ўқитишда тўсиқсиз муҳит яратиш учун келгусида уларнинг ногиронлиги касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигига қараб белгиланишига эътибор қаратилаётгани ҳам жуда муҳимдир.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этишга қатъий киришилди. Ногиронлиги бўлган шахслар жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича ишлар тубдан янгича ва амалий манзара касб этмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахслар ўз ҳаётларида бирор янгилик қилишлари, касб ўрганишлари, ўқишлари ва ишлаш тадоригини кўришлари учун улар эркин ҳаракатлана олишлари, яъни ўқув юртлари биносига, маҳалла марказларига, ҳуқуқ-тартибот идораларига, бозорлар ва соғлиқни сақлаш ташкилотларига эркин кириб бора олиш имкониятига эга бўлишлари лозим. Улар турли ташкилотлар билан мулоқот қилишлари, ўзига оид қонун-қоидаларни ўз фаолиятларига татбиқ этишлари зарур. Шу нуқтаи назардан қараганда ҳар бир аҳоли пунктида, ҳатто вилоят ва туманларда тўсиқсиз муҳит яратиш биринчи ва долзарб вазифа ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 18 июлдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-266-сонли қарори бу борадаги ишларни бирмунча жадаллаштирди.
Ногиронлиги бўлган инсонлар билан ишлаётган биз сингари нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари тўсиқсиз муҳит яратиш борасидаги мавжуд талабларни ҳаётга жорий этиш йўналишида қатъият билан ишламоқдамиз. Ўтган йилда амалга оширилган ишларимизга назар ташлайдиган бўлсак, Нукусдаги Деҳқон бозорида, автовокзалда, "Давлат хизматлари" марказида, ижтимоий аҳамият касб этувчи Тулепберген Қайипбергенов номидаги кўчада жамоатчилик назорат олиб бордик. Хўжайли туманидаги оилавий поликлиникада, Халқ банки филиалида, Давлат солиқ инспекциясида, Амударё туманидаги Агробанк, Халқ банки филиалларида, Давлат хизматлари марказида амалга оширган мониторингларимиз яхши натижа берди. Бизнинг назоратимиз билан кўплаб жамоат ташкилотларида тўсиқсиз муҳит барқарорлашди. Натижада, бундай ташкилотларда ногиронлиги бўлган инсонлар эркин ҳаракат қила бошладилар.
Ногиронлиги бўлган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва улар учун шарт-шароитлар яратиш ишига кейинги пайтда барча давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари муҳим вазифа сифатида ёндошмоқдалар. Шуни ҳисобга олган ҳолда биз бундай ташкилотлар билан олиб бориладиган алоқаларни янада яхшиламоқдамиз. Биз ижтимоий ҳимоя борасида ҳудудимизда фаолият юритаётган Ўзбекистон Адаптив спорт турлари ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги билан ҳамкорлик меморандумини имзолаганмиз.
Бу сингари ҳамкорликлар ҳам ўз самараларини беради. Биз ҳамкорларимиз билан биргаликда ногиронлиги бўлган инсонларга тегишли бўлган турли масалаларни муҳокама этган ҳолда унинг ечимларини топишга ҳаракат қилмоқдамиз. Масалан, биз давлат ташкилотлари иштирокида ўтказган "Олис ҳудудларда яшовчи ногиронлиги бўлган шахсларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш" мавзуидаги давра суҳбатимиз кўплаб овулларда тоза ичимлик суви манбаларини кўпайтиришга туртки бўлди. Шунингдек, ҳамкоримиз ТАТУнинг Нукус филиалида ўтказган "Ахборот технологияларидан фойдаланиш ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус программалар ишлаб чиқиш" мавзуидаги мулоқотимиз кўплаб олимларимиз ва иқтидорли талабаларни янгиликлар яратишга даъват этди.
Биз жойларда ўтказаётган ҳар бир учрашув, семинар ва давра суҳбати ҳудудимизда истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган инсонлар учун долзарб мавзулардаги ҳуқуқий маслаҳатларга айланиб бормоқда. Бундай учрашувларда кўпчилик қонунчилигимиздаги кейинги пайтдаги ўзгаришлар, яратилаётган имтиёзлар ва қулайликларни англаб, билиб олмоқдалар. Бу сингари "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва амалий қўллаб-қувватлаш" мавзуидаги семинар-тренинг Хўжайли тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар марказида, "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари" тўғрисидаги қонуннинг мазмун-моҳияти ва фавқулодда вазиятларда ногиронлиги бўлган шахсларни хавфсиз эвакуация қилиш" мавзуида ўқув семинар Қораўзак тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар марказида ва худди шундай мавзудаги учрашув Нукус тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар марказида ўтказилди.
Фаолият доирамиз кенгайиб бораётгани амалга ошираётган тарғибот-ташвиқот ишларимиз янада яхши самара бераётганидан далолатдир. Шу боис, ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида биз билан бирга ҳаракат /қиладиган ташкилотлар сафи кенгайиб бормоқда. Кейинги пайтда ЎзНА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими аъзолигига Ўзбекистон "Қизил ярим ой жамияти" Тахиатош тумани бўлинмаси, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани бўлинмаси сингари ногиронлик масалалари билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар аъзоликка қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасидаги ЎзНАнинг барча туман бўлинмалари ҳудудларида истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган инсонлар билан фақат семинарларда эмас, балки турли байрамлар ва тантанали кунларни нишонлашда ҳам иштирок этиб келадилар. Айниқса, мамлакатимиз Мустақиллиги куни, Янги йил тантаналари ва 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни нишонланаётган пайтларда ҳомийлар кўмаги билан дастурхон ёзилиши ва ногиронлиги бўлган инсонлар даврага таклиф этилиши анъанага айланиб қолган. Бундай пайтларда, спортнинг шахмат-шашка ҳамда теннис бўйича мусобақалари ҳам ташкил қилинади. Беллашувлар ғолиблари эсдалик совғалар билан мукофотланади.
Бу сингари учрашувлар, тадбирлар ҳуқуқий саводхонликни, билим ва имкониятларни ошириш билан биргаликда бизнинг дўстларимиз, маслакдошларимиз сафини кўпайишига улар билан ҳамкорлик доирасини кенгайтиришга ёрдам бермоқда.
Жаббар НАРБАЕВ,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси.
Манба:“IMKONIYAT” №3 son (51) 2026 yil 7 fevral

Отправить комментарий
Отправить комментарий