Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида “Она уйи” ресурс маркази ўз фаолиятини бошлади.
Марказнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев, “BI Group” бош ижрочи директори Айдин Раҳимбаев, “International Beverage Tashkent” директорлар кенгаши раиси Шуҳрат Эргашев иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар “Она уйи” лойиҳасининг ижтимоий аҳамияти, аёллар ва болаларни ҳимоя қилишдаги ўрни, шунингдек, ушбу ташаббуснинг инсон қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсатида тутган ўрнини алоҳида таъкидладилар.
Мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, хусусан оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар изчил давом этмоқда. Шу жумладан, инқироз ҳолатига тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Она уйи” ресурс марказлари тармоғи жадал ривожланмоқда. Ушбу марказлар БМТ томонидан ижтимоий етимликнинг олдини олиш бўйича илғор амалиёт сифатида эътироф этилган Қозоғистон модели асосида ташкил этилган.
Марказ қийин ижтимоий вазиятга тушиб қолган оналарга болаларини ўзлари тарбиялаш имкониятини сақлаб қолишга қаратилган комплекс ёрдамни тақдим этади. Жумладан, бу ерда аёллар ва болаларга маънавий, психологик, ижтимоий ҳамда моддий кўмак кўрсатилади. Ёрдам турлари вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак, тиббий хизматлар ҳамда ижтимоий мослашувга қаратилган маслаҳатларни ўз ичига олади.
– Муассасанинг меҳр-оқибат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муқаддас Рамазон ойида фойдаланишга топширилаётганида чуқур рамзий маъно бор, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси “Она уйи” ресурс маркази координатори Анжела Омирова. – Чунки мамлакатимизда она ва бола саломатлиги доимий эътиборда. Мазкур лойиҳа бундан 12 йил аввал Қозоғистонда бошланган. Бугунги кунгача 10 минг нафарга яқин болада ижтимоий етимликнинг олди олинган. Ўз фаолиятини бошлаётган ресурс марказида оналар ва уларнинг фарзандлари учун барча шароит яратилган.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизнинг 6 та шаҳрида жами 7 та “Она уйи” ресурс маркази фаолият юритмоқда. Ушбу марказлар оналар ва болаларни қўллаб-қувватлашнинг барқарор, самарали ва инсонпарвар тизимини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.
UzA.uz



Отправить комментарий
Отправить комментарий