Эртанги кун умиди асло сўнмайди, ногиронлик бу ҳаётга тўсиқ бўлмайди. Ҳар бир инсон ҳаётда турли синовларга дуч келади. Айримлар учун бу жисмоний чекловлар билан боғлиқ бўлса, бошқалар руҳий изтироблардан азият чекади. Лекин қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар тўғри ёндашув, қўллаб-қувватлаш ва эътибор орқали уларнинг ҳаётга бўлган ишончини тиклаш мумкин.
Маҳалла тизимидаги бир йиллик фаолиятим давомида бу ҳақиқатни теран англаб етдим. Худудимизда истиқомат қиладиган 1 993 нафар аҳоли вакиллари билан ишлаш жараёнида уларнинг ҳаётига янада чуқурроқ кириб боряпман. Айниқса, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган 51 та хонадон эгаларининг эҳтиёжи ўрганинилиб, керакли ёрдамлар билан қамраб олинган. Шунингдек, 51 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг ҳар бирига алоҳида эътибор ва ёндашув билан хизмат кўрсатиляпти.
Маҳалладошимиз Амангелди Тугалаков қурилиш ишлари вақтида олган оғир жароҳати оқибатида I гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Ҳаётдаги бу кескин ўзгариш унинг турмуш тарзига ҳам, руҳий ҳолатига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Хатлов жараёнида фуқарога нисбатан алоҳида "кейс" очилди. Ҳозирги кунга қадар унга қонунчиликда белгиланган ижтимоий хизматлар кўрсатилиб келинмоқда. Хусусан, "Фаол ҳаётга қадам" дастури доирасида унга кундузги қатнов хизмати йўлга қўйилди.
Амангелди ака илк бор мурожаат қилганида, ҳаётга бўлган ишончи сусайган эди. Биз эса уни фаол ҳаётга қайтаришни асосий мақсад қилиб олдик. Ҳар бир кўрсатилаётган хизмат — унинг эртанги кунига бўлган умидини ошириш учун хизмат қиляпти.
Бугун Амангелди ўзини жамиятнинг бир бўлаги сифатида ҳис қилмоқда. Унинг ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар нафақат оила аъзоларини, балки атрофдагиларни ҳам қувонтиряпти.
Бу мисол орқали кўриш мумкинки, инсонга ўз вақтида берилган эътибор, тўғри йўналтирилган ижтимоий ёрдам ва меҳр-оқибат ногиронликни ҳаётга тўсиқ эмас, балки янги имкониятларга қадам сифатида қабул қилишга ёрдам беради.
Дана ТУРЕМУРЗАЕВА,
Тахиатош туманидаги «Кушчилик» маҳалласи ижтимоий ходими.
Манба: Mahalla №16 (2344) 2026 йил 28 февраль, шанба

Отправить комментарий
Отправить комментарий