Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида “Она уйи” ресурс маркази ўз фаолиятини бошлади.

Марказнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси A.Орибаев, Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Оллоёров, Интернатионал Бевераге Ташкент директорлар кенгаши раиси ва Нукус шаҳридаги “Она уйи” метсенати Ш.Эргашев, шунингдек, BI Group бош ижрочи директори, “Она уйи” лойиҳаси таъсисчиси А.Раҳимбаев ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар “Она уйи” лойиҳасининг жамият учун беқиёс аҳамиятини, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёллар ва болаларни ҳимоя қилишдаги ўрнини, шунингдек, мазкур ташаббус инсонпарвар давлат сиёсатида тутган муҳим ўрнини алоҳида таъкидладилар.

“Она уйи” марказлари қийин ижтимоий вазиятга тушиб қолган оналарга болаларини ўзлари тарбиялаш имкониятини сақлаб қолишга қаратилган комплекс ёрдамни тақдим этади. Бу ерда аёллар ва болаларга маънавий, психологик, ижтимоий ҳамда моддий кўмак кўрсатилади. Ёрдам турлари вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак, тиббий хизматлар ва ижтимоий мослашувга қаратилган маслаҳатларни ўз ичига олади.

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистоннинг 6 та шаҳрида жами 7 та “Она уйи” ресурс маркази фаолият юритмоқда. Ушбу марказлар оналар ва болаларни қўллаб-қувватлашнинг барқарор, самарали ва инсонпарвар тизимини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси