Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Ногиронлар ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Нукус тумани бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими Нукус тумани бўлинмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур меморандум икки ташкилотнинг имкониятларини бирлаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инклюзив муҳитни ривожлантириш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, ижтимоий ҳаётга мослаштириш каби йўналишларда самарали ҳамкорлик қилишни назарда тутади.

Томонлар меморандум доирасида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими Нукус тумани бўлинмаси ассоциациясига аъзолигига қабул қилинган ҳолда қўшма тадбирлар, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг долзарб муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Шунингдек, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқароларини ҳам жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида тўсиқсиз ва қулай муҳит яратишни таъминлаш, таълим, маданият ва ўқув курсларини ўқитиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Тадбир давомида сўзга чиққан икки ташкилот раҳбарлари мазкур меморандум ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, уларнинг ижтимоий, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда тенг имкониятлар яратиш йўлида муҳим қадам эканини таъкидладилар.

Ҳамкорлик меморандуми мамлакатимизда инклюзив жамиятни барпо этиш, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва амалий асос бўлиб хизмат қилади.

Саламат АВЕЗОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.