Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-266-сонли қарори ижросини таъминлаш ва инсонпарвар жамиятнинг асосий мезонларидан бири – барча фуқаролар, жумладан, имконияти чекланган шахслар ва ногиронлиги бўлган талабалар учун тенг шароитлар яратиш мақсадида, Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси ногиронлар жамияти ҳамда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ишчи гуруҳ аъзолари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 28-29 июль кунлари жамоатчилик назорати ўтказилди.
Нукус шаҳридаги нуфузли Қорақалпоқ давлат университети, Нукус давлат педагогика институти ҳамда Нукус давлат техника университетида инклюзив таълимни ривожлантириш, олий таълимни ҳар бир ногиронлиги бўлган ёш учун очиқ қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу тариқа, олий таълим муассасаларида тўсиқсиз муҳитни яратиш нафақат пандуслар, балки ўқув жараёнини, инфратузилмани ва ижтимоий муҳитни ҳар бир талабанинг эҳтиёжларига мослаштиришни талаб қилувчи кўп қиррали жараёндир.
Ушбу мониторинг давомида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, олий таълим муассасалари биноларда “тўсиқсиз муҳит” яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳар бир инсон ўз салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариши, сифатли олий таълим олиши ва келажакда мамлакат равнақига ўз ҳиссасини қўшиши учун муносиб шароитлар яратиб берилиши ҳамда жамоатчилик назоратини ўз вақтида ўтказиб борилишини таъминлаш – бу ҳамма учун тенг имкониятлар демакдир.
Саламат АВЕЗОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.


Отправить комментарий
Отправить комментарий