Таълим соҳасидаги энг муҳим ва инсонпарвар ўзгаришлардан бири бу инклюзив таълимни Қорақалпоғистон Республикасидаги барча мактабларда жорий этишдир. Инклюзив мактаб – бу нафақат жисмоний ёки руҳий ривожланишида ўзига хосликлари бор болалар учун таълим маскани, балки ҳар бир ўқувчининг қобилияти, эҳтиёжи ва имкониятидан қатъи назар, биргаликда ўқийдиган, тенг қадрланадиган муҳитдир.
Шу тариқа, намунавий инклюзив мактаб биринчи навбатда ногиронлиги бўлган ҳар бир бола учун жисмоний жиҳатдан хавфсиз ва қулай бўлиши мақсадида, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими таклифига асосан, UNICEF – (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси) томонидан республикамизда ва жаҳонда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни соғлом, билимли ва хавфсиз муҳитда вояга етказишга қаратилган кенг кўламли дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Мўйноқ туманидаги 3-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ногиронлиги бўлган ўқувчиларга мослаштирилди.
Лойиҳа доирасида мактабнинг асосий ва 13 та захира чиқиш жойига пандуслар ўрнатилди, мактаб ҳудуди бўйлаб барча учун ҳаракатланиш имкониятлари яхшиланди, ички зиналарга кўтарма мосламалар (подъёмниклар) ўрнатилди, ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун замонавий ва қулай санитария хоналари ташкил этилди.
Маълумот учун, 2024 йилда тумандаги 3-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини мослаштириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган (марҳум) Хўжаниёз Ериниязовнинг меҳнатини алоҳида эҳтиром билан ёдга оламиз.
Бундай мактаблар орқали биз жамиятда ҳеч бир ногиронлиги бўлган ўқувчи четда қолмаслигини, ҳар бир ўғил ва қиз ўз орзулари сари эркин интилиши мумкинлигини исботлаймиз. Инклюзив таълимни ривожлантириш – келажакка қўйилган энг мустаҳкам ва гуманитар инвестициядир.
Саламат АВЕЗОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.




Отправить комментарий
Отправить комментарий