Жамиятимизда ҳар бир бола учун унинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда билим олиш учун мослашган шароит яратилиши, мактабгача ва умумтаълим мактабларининг тизимини ислоҳ қилиш, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар ва алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун тенг имкониятлар яратиш – инклюзив таълим бўйича Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими Хўжайли тумани бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ишчи гуруҳи аъзолари билан ҳамкорликда навбатдаги жамоатчилик назорати тадбири ўтказилди.

Жамоатчилик назорати иштирокчиларининг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг №ПҚ-266-сонли қарори билан белгиланган «Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида Хўжайли туманидаги 4-сонли ва 8-сонли умумтаълим мактаблари ҳамда «Колоколчик» инклюзив мактабгача таълим ташкилотида инклюзив таълим сифати ва шаффофлигини аниқлаш ҳамда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.

Ўрганиш жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги 4-сонли умумтаълим инклюзив мактаб биносида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитларнинг амалдаги давлат қурилиш меъёрлари ва стандартлари (ШНК ҳамда МСТ) талабларига кўра логопедик ва психологик хоналарида ногиронлиги бўлган болалар билан самарали ишлаш учун зарур махсус логопедик, психологик ва реабилитация жиҳозлари ҳамда методик воситаларнинг қисман мавжудлиги, кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун хавфсиз ва мустақил ҳаракатланиш учун мўлжалланган рельефли (тактил) йўлаклар мавжуд эмаслиги, ҳожатхоналаларда ногиронлиги бўлган шахслар учун белгиланган меъёр ва талабларга мувофиқ камсиликлар аниқланди.

Таълим ташкилотлари маъмурияти жамоатчилик назорати давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, таклиф ва тавсиялар бўйича кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларнинг мактаб ҳудуди ва биносида мустақил ҳамда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида тактил йўлаклар, йўналтирувчи белгилар ва ахборот кўрсаткичларини ўрнатиш, мактабнинг моддий-техник базасини инклюзив таълим талабларига мувофиқ такомиллаштириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг сифатли таълим олиши, ижтимоий мослашуви ва реабилитацияси учун зарур шароитларни яратиш ҳамда ҳожатхоналарни ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, амалдаги қурилиш меъёрлари ва давлат стандартлари талабларига мувофиқ мослаштиришни таъкидлади.

Жамиятимизда ҳар бир инсон қадрини улуғлаш тамойилларининг амалдаги ёрқин ифодаси тариқаси сифатида, ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олишида тўлақонли иштирок этиши учун тенг ва тўсиқсиз муҳит – тенг имкониятлар сари инклюзив таълимни жорий этиш муҳим ҳисобланади.



Саламат Авезов,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.